2018 йилнинг биринчи ярми мобайнида иқтисодий судлар томонидан 262 095 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 75 258 тага кўп бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов «Газета.uz"га маълум қилди.

Тарафларга қулайликлар яратиш ҳамда суд таъсирчанлигини ошириш мақсадида низо тартибида кўрилган ишларнинг салмоқли қисми, яъни 69 фоизи бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Иқтисодий судлар томонидан ҳал этилган ишларнинг 1 836 таси видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқилган бўлиб, натижада тарафларнинг 1 045 188 170 сўм миқдоридаги маблағлари тежаб қолинди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 24 496 та иқтисодий иш кўриб чиқилди ҳамда улар фойдасига 499,9 млрд. сўм миқдорида маблағ ундириб берилди.

Ҳисобот даврида иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини олди-сотди, маҳсулот етказиб бериш, контрактация, ижара, пудрат, кредит, лизинг, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаларидан келиб чиқадиган низолар бўйича ишлар ташкил этди.



,