Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов ўз лавозимини тарк этди, дея хабар қилди «Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси.

Февралда янги ташкил этилган вазирликка раҳбарлик қилишни бошлаган Шоакром Исроилов чоршанба куни жамоаси билан хайрлашган. Янги иш жойи ҳақида хабар қилингани йўқ.

Ойбек Қосимов. Фото: Халқаро пресс-клуб.

Вазирнинг биринчи ўринбосари Ойбек Омилович Қосимов вазир вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.

Вазирлик йил бошида Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси базасида ташкил этилган эди. Вазирлик олдига қўйилган асосий вазифалар — аҳолининг кенг қатламларини спорт билан шуғулланиш ва соғлом турмуш тарзини олиб боришга кенг жалб қилиш, спорт саноати ва инфратузилмаларини ривожлантириш, шунингдек халқаро спорт майдонларида мамлакатнинг муносиб иштирокини таъминлашдан иборат.