Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 июль куни илм-фан ва олий таълим соҳаси ходимлари меҳнатига тўловлар ҳажмларини ошириш, шунингдек илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Янги қарорда 1 августдан Фанлар академияси бошқарув аппарати ходимлари ойликларини 2 баробарга, 1 сентябрдан ИТИ муҳандис-техник ходимлар ойликларини мансаби ва илмий фаолиятидан келиб чиқиб 30 фоиздан 100 фоизгача ошириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, келгуси йилдан икки босқичда давлат бюджети ҳисобдан фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишлар бўйича илмий-техник дастурларни амалга оширишда иштирок этаётган ИТИ раҳбар ва илмий ходимлари, илмий фаолиятни конструкторлик ва технологик таъминлаш ҳамда илмий лаборатория ускуналарига хизмат кўрсатиш билан банд бўлган ИТИ муҳандис-техник ходимлари, шунингдек ОТМларнинг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар таркиблари маошлари 1 январдан — 20 фоизга, 1 июлдан — 25 фоизга оширилади.