2018 йилнинг 19 июль куни соат 4.54 да Тошкент шаҳар ИИББ ЁХБга Миробод тумани, Ойбек кўчаси, 9 қаватли 44-уйнинг 1-қаватида жойлашган дўконда ёнғин юз бергани ҳақида хабар келиб тушди.

Шахсий таркибнинг тезкор ва мувофиқлашган ҳаракатлари натижасида соат 5.19 да ёнғин бартараф этилди.

Ёнғин натижасида дўкон маҳсулотлари ёнган. Одамлар орасида қурбонлар ва тан жароҳати олганлар йўқ. Тошкент шаҳар ИИББ ЁХБ ходимлари дўконга яқин жойлашган 6 квартирада яшовчи аҳолини қутқаришди.

Ёнғиннинг тахминий сабаби — электр симларидаги қисқа туташуви бўлган. Ёнғин келиб чиқишининг аниқ сабаблари тегишли текширув ўтказилганидан сўнг маълум бўлади. Шунингдек, зарар миқдори ҳам ўрнатилмоқда.

Айнан шу куни соат 5.17 да ИИББ ЁХБга Миробод тумани, Нукус кўчаси 71-уйда жойлашган «Сигма» бизнес маркази биносида ёнғин юз бергани ҳақида яна бир мурожаат келиб тушди.

Ёнғинга қарши курашувчилар зудлик билан воқеа жойига етиб бордилар. Шахсий таркибнинг тезкор ва мувофиқлашган ҳаракатлари натижасида соат 5.49 да ёнғин бартараф этилди. Ёнғин натижасида бинонинг ташқи қатлами ва 9 қаватли бинонинг 4-қаватида жойлашган соғломлаштириш марказининг ҳудудига зарар етди. Одамлар орасида қурбонлар ва тан жароҳати олганлар йўқ.

Мазкур ёнғинга соғломлаштириш марказидаги СПА-салонда электр ускуналарининг ўчирмай қолдирилган сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Ўз навбатида Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси иқтисодий ва ижтимоий соҳа объектларининг барча раҳбар ва ходимларидан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қаттиқ амал қилишни, электр ускуналарини назоратсиз қолдирмасликни, газ ва электр жиҳозларини фойдаланиш қоидаларига амал қилишни, электр симига ортиқча юклама туширмасликни сўрайди.