Самарқанд вилоятида ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни муҳокама қилиш ҳамда вужудга келган салбий вазиятни зудлик билан бартараф этиш мақсадида шу йилнинг 17 июль куни вилоят Ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазири П.Бобожонов бошчилигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси президенти девони, Бош прокуратура, вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар органлари масъул ходимлари иштирок этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг кўрсатмасига мувофиқ, Бош прокурор ва Ички ишлар вазирининг қўшма фармойиши асосида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Самарқанд вилоятида жорий йилнинг 13−17 июль кунлари ички ишлар органлари фаолиятига баҳо бериш мақсадида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Кун тартибидаги масала юзасидан айрим ички ишлар органлари ходимларининг фуқаролар билан мулоқот қилишдаги ноўрин хатти-ҳаракатлари, раҳбарларнинг масъулиятсизлиги ва бепарволиги ҳамда қўл остидаги ходимлари устидан кунлик назоратни лозим даражада ўрнатмаганликлари оқибатида тизимли камчиликларга йўл қўйилаётганлиги ва бу аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши, бундай ҳолат президент раҳбарлигида олиб борилаётган, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотларнинг пировард мақсадларига мутлақо жавоб бермаслиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда вилоятнинг айрим ҳудудларида ҳуқуқ-тартибот идоралари кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноят содир қилган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатиш борасидаги ишлар қаттиқ танқид қилинди.

Ички ишлар вазири хизмат фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, унинг ўринбосарлари, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бошқармалари бошлиқлари ҳамда Самарқанд шаҳар, Нуробод, Жомбой, Пайариқ, Оқдарё, Тойлоқ, Самарқанд, Иштихон ва Пастдарғом туманлари Ички ишлар бўлимлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб, уларнинг ишга бўлган муносабатини ўзгартириш ва иш натижадорлигини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйганлиги учун вилоят ИИБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари О.Раҳмонов, Самарқанд шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Ғаниев, Қўшработ туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Х.Усмонов, Тойлоқ тумани Ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари М.Маҳкамов, Оқдарё туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Н.Усанов, Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Н.Тилавов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноят қидирув, тергов, кадрлар билан ишлаш хизматлари ходимларига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди.

Бундан ташқари, Каттақўрғон шаҳар ва Самарқанд тумани ички ишлар органларининг барча ходимларини навбатдан ташқари аттестациядан ўтказиш бўйича топшириқ берилди.

Маълумот учун: бунга қадар Ички ишлар вазири Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Каттақўрғон шаҳар ИИБ бошлиғи И.Абдуқаҳҳоров ва 3 нафар раҳбар ходимлари, Булунғур тумани ИИБ бошлиғи С.Абдуҳакимов ва Пахтачи тумани ИИБ бошлиғи Х.Абдуҳамидовни ички ишлар органларидан бўшатганлиги тўғрисида маълумот берилган эди.

Йиғилиш якунида Ички ишлар вазири П.Бобожонов вазирлик Академиясининг профессор-ўқитувчилари ҳамда малакали амалиётчи мутахассислар томонидан Самарқанд вилояти ички ишлар органлари ходимларининг билим савияси ва касбий маҳоратини оширишга қаратилган манзилли ўқув дастурларини ишлаб чиқиб, барча шахсий таркибни қайта тайёрлаш ҳамда фуқаролар билан ишлашда муомала маданиятининг белгиланган тартиб-қоидаларига риоя қилиш, ҳар бир мурожаат бўйича холисона ва қонуний қарор қабул қилинишини таъминлаш, кундалик фаолиятни «халқ манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосида ташкил этиш, қонун ва хизмат интизомини бузиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тўғрисида аниқ топшириқлар берди.

Шунингдек, мажлисда шаҳар ва туманларда ички ишлар органлари бошлиқлари раҳбарлигидаги ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3-секторда белгиланган чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 08 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори талабларига қатъий амал қилган ҳолда, ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Ички ишлар вазири раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан ҳудудларда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги ички ишлар органлари фаолиятини ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.