Озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни ижтимоий-маиший таъминлаш ва ишга жойлаштириш тизими янада такомиллаштирилади, дея хабар қилди Адлия вазирлиги Telegram-каналида.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, Озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш марказлари ташкил этилди.

Марказнинг асосий вазифалари этиб:

  • озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларнинг ижтимоий ҳимоя қилинишини ташкил этиш ва таъминлаш, тегишли тартибда кийим-кечак, озиқ-овқат ва турар жой учун бир марталик тўланадиган нафақа пули бериш;
  • мақбул ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, соҳа мутахассисларидан ёрдам олиш, зарур ҳолатларда даволанишга, қариялар ва ногиронлар уйларига йўлланмалар бериш;
  • реабилитация қилишда, уй-жой ва маиший ҳамда бошқа ижтимоий-маиший муаммоларни ҳал қилишда, қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар олишда ёрдам кўрсатиш белгиланди.

2019 йил 1 январдан бошлаб жазони ижро этиш муассасаларида, тўлиқ ижтимоий мослаштириш мақсадида маҳкумларни тизимли ўрганиш ва уларнинг онгини ўзгартиришга қаратилган тарбиявий ишларнинг ягона комплекс тизими жорий этилади.

Қарорда белгиланишича маҳкумларга шахсий ҳужжатларни тиклаш ва паспорт олишда ёрдам кўрсатилади, уларнинг пенсия суғуртаси, меҳнат дафтарчасини расмийлаштириш шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилингунга қадар амалга оширилади.