Ўзбекистонда йил бошидан буён 41,239 млрд сўм асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилиб, уларнинг 53,6 фоизи (22,1 трлн сўм) жалб этилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилган бўлса, корхона, ташкилот ва аҳолининг ўз маблағлари ҳисобидан 46,4 фоизи (19,1 трлн сўм) молиялаштирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси Инвестициялар ва қурилиш статистикаси бошқармаси хабар қилди.

Асосий капиталга инвестицияларнинг катта қисми, яъни жами инвестицияларнинг 32,7 фоизи корхона ва ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган. Шунингдек, тижорат банклар кредитлари ва бошқа қарз маблағлари ҳисобидан 18,8 фоиз, тўғридан-тўғри ва бошқа хорижий инвестиция ва кредитлар 12,1 фоиз, аҳоли маблағлари 13,6 фоиз, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 7,5 фоиз, Ўзбекистон кафолати остида хорижий кредитлар 8,8 фоиз, Республика бюджети 3,4 фоиз ва Давлат мақсадли жамғармалари 3,1 фоиз, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан эса 0,02 фоиз асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилди.


Энг юқори ўсиш сурати 2,3 марта кўпайиш Навоий вилоятида кузатилди. Бу асосан қимматли металл конларини ўзлаштириш бўйича инвестициялар билан боғлиқ. Наманган вилоятиниг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 133,4 фоиз ўсиши асосан Тўрақўрғон туманида иссиқлик электр станцияси қурилиш билан боғлиқ. Сурхондарё вилоятида ҳам юқори ўсиш кузатилиб, ушбу ҳудуддаги йирик инвестиция лойиҳаларидан Шеробод туманида цемент заводининг қурилишини келтириш мумкин.

Тошкент вилоятида ҳам юқори ўсиш сурати 147,8 фоиз кузатилиб, бу ҳудудда Ёшлик-1 конини ўзлаштириш бўйича инвестицияларнинг жадал ўзлаштирилаётгани билан боғлаш мумкин. Бухоро вилоятида асосий капиталга инвестициялар ўтган йилга нисбатан кескин тушиши — 59,1 фоиз. Бу албатта ўтган йилларда ушбу ҳудудда йирик инвестиция лойиҳаси — газни қайта ишлаш заводи комплекси қурилиши бўйича инвестицияларнинг катта бўлгани билан изоҳланади.


Асосий капиталга инвестицияларнинг ўзлаштирилган ҳажми бўйича ҳудулар кесимида Тошкент шаҳри ҳамон етакчилик қилмоқда. Ушбу ҳудудда жами асосий капиталга инвестицияларнинг 24,3 фоизи ўзлаштирилди. Шунингдек Бухоро вилоятида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан тушиш кузатилган бўлсада, инвестициялар ҳажми бўйича Республикадаги улуши Тошкент шаҳридан кейинги ўринда 11,0 фоизни ташкил этмоқда.

Қашқадарё ва Навоий вилоятларида ушбу кўрсаткич мос равишда 10,2 ва 10,7 фоизни ташкил этди. Хоразм ҳамда Жиззах вилоятларида инвестицияларнинг республикадаги улуши 2,8 ва 3 фоизни ташкил этган бўлса, Сирдарёда бу кўрсаткич бўйича энг ками бўлди — 1,8 фоиз.

Асосий капиталга инвестицияларнинг технологик таркибида қурилиш монтаж ишлари бўйича 22,321 млрд сўм ўзлаштирилган бўлса, машина, ускуна ва инвентарларга инвестициялар 14,015 млрд сўм ва бошқа харажатларга 4,9 млрд сўм ўзлаштирилди.

Жорий даврда ҳам асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг аксарият қисми янги қурилишга йўналтирилган. Янги қурилишга йўналтирилган инвестициялар ҳажми 24,324 млрд сўмни ташкил этиб, жами ўзлаштирилган инвестицияларнинг 59 фоизини ташкил этди. Иқтисодиётда мавжуд объектларни кенгайтириш, реконструкция қилиш, модернизациялаш ва техник қайта қуроллантиришга йўналтирилган инвестициялар 9,216 млрд сўмни ташкил этди ва Республикада жами ўзлаштирилган инвестицияларнинг 22,3 фоизини ташкил этди. Қолган 18,7 фоиз, яъни 7,688 млрд сўм бошқа харажатларга йўналтирилди.

Янги қурилишга йўналтирилган инвестицияларнинг жами инвестициялардаги улуши бўйича энг юқори кўрсаткич Бухоро вилоятида кузатилиб, у 79,6 фоизни ташкил этди. Шунингдек, Самарқанд вилоятида 77,5 фоиз, Сурхондарёда 74,2 фоиз, Навоийда 73,2 фоиз ва Наманганда 70,6 фоизни ташкил этди.

Ушбу кўрсаткичнинг энг паст даражаси Тошкент шаҳрида кузатилиб, у 38,1 фоизни ташкил этди.