1 июль ҳолатида Ўзбекистоннинг соф олтин захиралари ҳажми 26,648 млрд долларни ташкил этиб, бир ой ичида 376,1 млн долларга қисқариш кузатилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар қилди.

Ялпи олтин-валюта захиралари 27,66 млрд доллар бўлиб, ундаги хорижий валютадаги активлар ҳажми 13,818 млрд (бир ой ичида 186 млн долларга камайиш), монетар олтин — 13,842 млрд долларни (бир ой ичида 276 млн долларга камайиш) ташкил этди.

Июнь ойида ялпи олтин-валюта захираларининг 463,1 млн долларга пасайиши кузатилди. Мазкур ҳолат ҳисобот даврида асосан олтин нархининг 1303,50 дан 1250,55 долл/тр унцияга пасайиши ҳисобига юзага келди (нархнинг олтин-валюта захираларининг камайишига таъсири — 573,5 млн доллар).

Олтин нархи пасайиши ҳисобга олинмаганда ялпи олтин-валюта захиралари 110,4 млн долларига ошди.