Тошкент шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Мусобақа доирасида эркаклар ўртасида -62 кг вазн тоифасидаги спортчилар ўртасида баҳсларда ҳамюртимиз Адҳамжон Эргашев даст кўтаришда 135 кг, силтаб кўтаришда эса 160 кг тошни ўзига бўйсундира олди. Умумий ҳисобда 295 кг тош кўтарган Эргашев ҳар учала йўналишда ҳам олтин медалга эга чиқди, дея хабар беради МОҚ матбуот хизмати.

Қайд этиб ўтиш лозимки, Адҳамжон ўз вақтида ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони, ўтган йили катталар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида эса бронза медали соҳибига айланганди.

Чемпионатда қизлар ўртасида -63кг вазн тоифасида баҳсларга киришган Кумушхон Файзуллаева бир йўла учта медалга эга чиқди. Ҳамюртимиз даст кўтаришда 94 кг тош кўтарди ва бронза медалини қўлга киритди. Силтаб кўтаришда эса 120 кг оғирликни ўзига бўйсундира олган Кумушхон олтин медаль соҳибасига айланди. Умумий ҳисобда 214 кг натижа кўрсата олган Файзуллаева иккикураш якунларига кўра ҳам олтин медалга сазовор бўлиб, жаҳон чемпиони бўлди.

Таъкидлаш ўринли, Кумушхон Файзуллаева Ўзбекистон тарихида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони бўлган илк аёл спортчига айланди.