Бунёд Баҳромович Баҳромбеков Ёшлар иттифоқи раисининг ўринбосари — «Yoshlar — kelajagimiz» фондининг ижрочи директори этиб тайинланди. Бу ҳақда «Газета.uz"га Бош прокуратурадан маълум қилинди.

Бунёд Баҳромбеков (1986 й. т.) Ўзбекистон Миллий университетини (2009 йилда) тамомлаган. Шу йилнинг ўзида Ҳамза (ҳозирги Яшнобод) туман прокуратурасида меҳнат фаолиятини бошлаган.
Тошкентнинг прокуратура органларида турли вазифаларда ишлаган. Ҳамза туман прокуратурасида терговчи, катта терговчи (2010 йилдан), Тошкент прокуратурасидаги жиноят ишлари бўйича судларда прокурорнинг ваколатларини таъминлаш бўйича бўлим прокурори (2014 йилдан), Бош прокуратуранинг жиноят процессида прокурор ваколатини таъминлаш бошқармасида прокурор ва катта прокурор (2015 йилдан) вазифаларида фаолият кўрсатган.

Жорий йилда бош прокуратуранинг Халқаро-ҳуқуқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлигига тайинланганди.

«Yoshlar — kelajagimiz» фонди президент Шавкат Мирзиёевнинг 27 июндаги фармони билан ташкил этилди. Жума куни Халқаро пресс-клуб йиғилишида қатнашган Бунёд Баҳромбеков фонд «Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастурини молиялаштириш учун 800 миллиард сўм олишини маълум қилди.

Фонд маблағлари тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш, Давлат дастури доирасида олинадиган кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар бериш, Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда иштирок этиш, кейинчалик Жамғарма улушини 5 йил давомида реализация қилиш ва бошқа мақсадлар ишлатилади.