Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича давра суҳбати ўтказди. Тадбирда Малайзия сайёҳлик компаниялари ва туристик операторлари уюшмаси (MATTA) ҳамда мазкур мамлакатдаги етакчи сайёҳлик агентликлари раҳбарлари иштирок этди, дея хабар қилди Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси.

Элчи Равшан Усмонов иштирокчиларни нафақат ислом, балки христиан ва буддизм дини вакилларини ҳам ўзига жалб қила оладиган ўзига хос колоритга эга тарихий ва маданий мерос объектлари билан таништирди.

10 февраль куни Ўзбекистон Малайзия фуқаролари учун 30 кунгача визасиз тартибни жорий этди. Синов тариқасида ал-Ақсо масжидига (Фаластин) отланувчи зиёратчилар учун икки кун Ўзбекистонда бўлиш кўзда тутилган Куала-Лумпур — Тошкент — Тель-Авив йўналиши бўйича икки ҳафталик ҳамда уч кун Ўзбекистонда саёҳат қилиш кўзда тутилган Куала-Лумпур — Тошкент — Москва — Санкт-Петербург — Бухоро йўналиши бўйича лойиҳалар ишга туширилган.

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида очилиши режалаштирилаётган тўғридан-тўғри авиақатновлар малайзиялик зиёратчилар учун беш кун Ўзбекистонда бўлиш мўлжалланган Куала-Лумпур — Тошкент — Жидда йўналишини таклиф этиш имкониятига эга экани қайд этилди.

Август ойи бошида Ўзбекистон туристик компаниялари вакилларининг амалий учрашувлар ўтказиш учун Малайзияга ташрифи режалаштирилган. Сентябрда эса Ўзбекистон вакилларининг Малайзиядаги МАТТА FAIR 2018 халқаро ярмаркасида иштирок этиши кутилмоқда.

Ўз навбатида, Малайзия турагентликлари 3−5 октябрь кунларига белгиланган «Ипак йўлида туризм» Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида иштирок этишга тайёр эканликларини билдирди.