Зиёрат туризмини ривожлантириш дастури доирасида Тошкент-Жидда-Тошкент йўналиши бўйича доимий авиақатновлар очилиши мумкин. 26 июнь куни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси бош директори Бахтиёр Ҳакимов ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Умаров ушбу масалани муҳокама қилди.

Музокараларда «Зиёрат туризми» дастури бўйича сайёҳларни жалб қилиш билан шуғулланиб келаётган сайёҳлик компаниялари вакиллари ҳам иштирок этди, дея хабар қилди МАК матбуот хизмати.

Учрашув якунлари бўйича 2018−2019 йиллар қишки навигация давридан бошлаб Тошкент-Жидда-Тошкент йўналиши бўйича ҳафтасига бир марта «Ўзбекистон ҳаво йўллари» доимий қатновларини йўлга қўйиш масаласини ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.

Рейслар Boeing 767 ва Boeing 787 Dreamliner самолётларида амалга оширилади. Бунда зиёрат туризми дастури бўйича Жануби-Шарқий Осиё давлатлари сайёҳларини Ўзбекистонга жалб қилиш учун Тошкент-Куала-Лумпур-Тошкент рейслари билан қулай транзит рейсларини ҳисобга олиш кўзда тутилган.