Россияда ўтказилаётган футбол бўйича жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг 2-тур ўйинлари давом этмоқда. Бугун Бразилия терма жамоаси Коста-Рикага қарши майдонга чиқди.

1-турда дуранг натижага эришга бразилияликлар бу баҳсда ғалаба қозониш учун бор кучини ишлатишлари тайин эди. Биринчи тайм давомида бир қатор ҳужумлар уюштирилган бўлишига қарамай, улардан унумли фойдаланилмади.

Иккинчи бўлимда ҳужумлар кучайтирилди. Коста-Рикадан келган футболчилар ўзларидан анча кучли бўлган Бразилияга қарши муносиб ҳимояланди. Ўз навбатида марказий америкаликлар дарвозабони Наваснинг ажойиб ўйин кўрсатганини таъкидлаш жоиз.

Бир вазиятда ҳакам Неймарга қарши қўполлик ишлатилгани учун пенальти белгилаганди. Бироқ такрорий лавҳани қайта кўриб чиққач фикрини ўзгартирди ва ўйинни давом эттириш кераклигини билдирди.

Асосий вақт якунлангач захира ҳаками учрашувга 6 дақиқа қўшиб берилганини кўрсатди. Шундан сўнг бразилияликларнинг ҳужумлари янада хавфли тус олди ва Коутиньо ҳамда Неймар томонидан киритилган голлар «пентакампеонлар"га ғалаба келтирди.

Бразилия — Коста-Рика 2:0 (0:0, 2:0)

Голлар: 1:0 — 90 Коутиньо, 2:0 — 90 Неймар.

Бразилия — Алиссон, Фагнер, Тиаго Силва, Миранда, Марсело, Паулиньо (Фирмино, 68), Каземиро, Коутиньо, Виллиан (Дуглас Коста, 46), Габриэл Жезус (Фернандиньо, 90), Неймар.

Коста-Рика — Навас, Акоста, Гонсалес, Дуарте, Гамбоа (Кальво, 75), Борхес, Гусман (Техеда, 83), Овьедо, Венегас, Руис, Уренья (Боланьос, 54).

Огоҳлантиришлар: Неймар (81), Коутиньо (81), Акоста (84).