2018 йилнинг дастлабки беш ойи давомида иқтисодий судлар томонидан 241,5 мингга яқин иш ҳал этилди. Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 75 минг 133 тага кўп бўлди, дея хабар қилди Ўзбекистон Олий суди расмий вакили Азиз Обидов «Газета.uz"га.

Тарафларга қулайликлар яратиш ҳамда суд таъсирчанлигини ошириш мақсадида ишларнинг салмоқли қисми, яъни 66 фоиздан ортиғи бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Иқтисодий судлар томонидан ҳал этилган ишларнинг 1615 таси видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқилган бўлиб, натижада тарафларнинг 923 млрд 760 минг сўм миқдоридаги маблағлари тежаб қолинди.

Ҳисобот даврида иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини олди-сотди, маҳсулот етказиб бериш, контрактация, ижара ва пудрат шартномаларидан келиб чиқадиган низолар бўйича ишлар ташкил этди.