20−26 июнь кунлари Фарғона водийсининг тўртта шаҳри — Наманган, Андижон, Фарғона ва Қўқонда Open Air-Oltin Vodiy концертлари бўлиб ўтади, дея хабар қилди Туризм қўмитаси матбуот хизмати.

Лойиҳа доирасида томошабинлар Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри, таниқли қўшиқчилар ва дирижёр Алибек Кабдурахманов раҳбарлиги остидаги мусиқачилар санъатидан баҳраманд бўлади.

Концертлар замонавий театрлар қаршисидаги марказий майдонлар ва тарихий архитектура ёдгорликларида бўлиб ўтади. Наманганда — Навоий номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театри олдидаги майдонда, Андижонда — «Андижон Регистони» хиёбонида, Фарғонада — И. Каримов номидаги Театр-концерт саройи қаршисидаги майдонда ва Қўқонда — Худоёр хон саройи қаршисида бўлиб ўтади. Бу ерда 1500 ўриндиқли ёзги концерт зали бунёд этилади. Деворларга улкан экранлар ва зарур ёритиш ускуналари ўрнатилади.

Дастурдан Чайковскийнинг «Қарсилдоқ» ва «Оққуш кўли» балетларидан, Моцартнинг «Сеҳрли флейта», Энмарк Салиховнинг «Умид» операсидан мусиқалар, машҳур «Маҳаллада дув-дув гап», «Мафтунингман», «Чинор остидаги дуэл» кинофильмларидан саунтреклар, Ботир Зокиров ва Муслим Магомедов репертуаридаги қўшиқлар, Андижон полкаси ва Хоразм лазгиси каби куйлар ўрин олган.

Исмоил Жалилов, Хуршид Иноғомов, Ширин Маматова, Оқилбек Пиязов, Дамир Рахмонов, Милена Мадмусаева, Алимбай Каримбаев, Абдулла Ширинов ва Grand Voice чиқиш қилади.