Йил бошидан буён Молия вазирлиги тизимида 93 нафар раҳбар, жумладан 54 нафар молия органлари мудирлари, 28 нафар ғазначилик бўлимлари бошлиқлари ва жойлардаги Давлат молия назорати бош бошқармаларига 11 нафар бошлиқ тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Апрель-май ойларида олти нафар раҳбар вилоят даражасидаги лавозимларга тайинланди: Фарғона вилояти ва Тошкент бош молия бошқармаси бошлиқлари, Тошкент Давлат молия назорати бош бошқармаси бошлиғи, Андижон, Самарқанд, Бухоро вилоятлари ғазначилик бошқармаси бошлиқлари ва Хоразм вилояти Пенсия жамғармаси бошқармаси бошлиғи.

Фарғона, Наманган, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида 22 нафар туман ва шаҳар молия бўлимлари мудирлари, Тошкент, Жиззах, Андижон, Сирдарё, Сурхондарё, Наманган, Самарқанд вилоятлари, Тошкент ва Қорақалпоғистонда 24 нафар туман ва шаҳар ғазначилик бўлимлари бошлиқлари тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил декабрдаги танқидидан сўнг Молия вазирлиги тизимида кадрларни оммавий ишдан бўшатиш бошланган эди. Тизимда жами 562 киши вазифасидан озод қилинди. Январда эса Молия вазирлиги ишга жойлашиш ҳақида 800 дан ошиқ аризалар келиб тушганини маълум қилди.