2018/2019 ўқув йилидан ногиронлиги бўлган шахслар учун ОТМларга давлат гранти асосида икки фоизлик (абитуриентлар жами сонидан) қўшимча қабул квотаси жорий этилади. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2 июнда Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлади.

Олий таълим муассасаларига умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини (академик лицей, касб-ҳунар коллежи) тугатганлик ҳақидаги ҳужжат ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги тўғрисидаги маълумотномага эга ногиронлиги бўлган шахслар қўшимча квота бўйича қабул қилинади.

ОТМларга ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилиш кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон) натижаларига мувофиқ амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилган қўшимча квоталар асосида қабул қилинмаган абитуриентлар тўплаган баллари билан мазкур таълим йўналишида умумий тартибда танловда иштирок этади.

Қабул жараёнида олий таълим муассасаси ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий бошқармаси вакилларидан иборат таркибда олий таълим муассасасида ногиронлиги бўлган шахслардан ҳужжатлар қабул қилиш комиссияси ташкил этилади. Мазкур комиссия таркибига Ўзбекистон ногиронлар жамияти вакили ҳам киритилиши мумкин.

Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон) олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилиш бўйича белгиланган тартибларга мувофиқ топширилади.

Кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган балл тўплаган ногиронлиги бўлган шахслар баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда, қўшимча икки фоизли давлат гранти квоталари доирасида талабаликка тавсия этилади.

ОТМлар қабул комиссиялари имтиҳонлар ўтказиладиган бино ва аудиторияларда ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шарт-шароитларни яратишлари зарур.

Кўзи ожиз абитуриентларни қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.