Марказий Осиё мамлакатлари сув ва экологик масалаларни ҳал этишда ҳамкорлик қилиш орқали йилига 4 млрд долларга қўшимча маблағга эга бўлиши мумкин. Бу ҳақда Марказий Осиё Минтақавий экология маркази ижрочи директори Искандар Абдуллаев Марказий Осиё халқаро экологик форуми очилишида маълум қилди.

Тадбир 5−8 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтади. Форумда Марказий Осиёнинг беш давлати вазирлик ва маҳкамалари, БМТ, халқаро ва маҳаллий жамоат ташкилотлари ва компаниялар вакиллари иштирок этади.

«Маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, агарда минтақа мамлакатлари сув ва экология бўйича ҳамкорликни бошласа, эҳтимолий фойда миқдори ҳар йили 4 млрд доллардан ортиқроқни ташкил этади», — деди Искандар Абдуллаев. Минтақавий ҳамкорлик орқали қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигининг пастлиги, энергоресурслар қийматининг юқорилиги ва халқаро молиядан фойдаланишнинг чегараланганлиги каби муаммоларни бартараф этиш мумкин.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Нодир Отажонов глобал исиш шароитида минтақада сув ресурслари муаммоси фақатгина чуқурлашиб боришини таъкидлади. «Кучлар, билимлар, ресурсларни бирлаштирмасдан ушбу чақириқларга муносиб жавоб бера олмаймиз», — деди ҳукумат вакили.

У Марказий Осиё қишлоқ хўжалиги ерларининг 90 фоиздан зиёдроғи сунъий суғоришни талаб қилиши, минтақанинг 80 фоиздан зиёд аҳолиси — 55 миллиондан зиёд аҳолиси аграр секторда банд эканини эслатиб ўтди.

«Ўзбекистон минтақанинг барча мамлакатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда Амударё ва Сирдарё дарёлари сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияни ишлаб чиқиш ва БМТ билан келишишни жадаллаштиришни таклиф қилади», — деди Нодир Отажонов.