Адлия вазири Русланбек Давлетов якшанба куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциясида Ўзбекистон Баскетбол федерацияси президентлигига сайланди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу лавозимга у саломатлигидаги муаммо сабаб ўз вазифасини тарк этган Зоҳид Дўсанов ўрнига сайланди. Давлат божхона қўмитасининг собиқ раҳбари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаментининг собиқ бошлиғи федерацияни 2013 йилдан буён бошқариб келаётган эди.

«Билдирилган ишонч учун раҳмат. Мен уни оқлайман. Бизнинг биринчи вазифамиз — тизимни тўғри йўлга қўйиш. Биз уни қайта кўриб чиқамиз», — деди Русланбек Давлетов.