«Ўзавтосаноат» Ўзбекистонда электромобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқмоқда, дея хабар қилди компания бошқарув раиси Умиджон Салимов пайшанба куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида. «Бу автомобилсозлик келажаги», — деди у.

«Биз Тошкентдаги Турин университети қошидаги Инновация марказида электромобилларни ишлаб чиқаришни жорий этиш ва ташкил қилиш масалалари билан шуғулланувчи махсус гуруҳ ташкил қилдик. Буни биз қиламиз», — деди «Ўзавтосаноат» раҳбари.

«Бу биз учун янги йўналиш ва биз ҳозирда электромобилларни ишлаб чиқариш бўйича концепцияни ишлаб чиқмоқдамиз». Ҳужжат икки ой давомида тайёр бўлиши керак. Бундан ташқари, электромобиллар ишлаб чиқарувчи потенциал ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда, деди Умиджон Салимов.

У шу ёзда Тошкентга тест синовларини ўтказиш учун икки дона электромобиль намунаси — Chevrolet Bolt ва Хитойнинг JAC модели олиб келинишини маълум қилди. Улар бутун Ўзбекистон бўйлаб — Андижондан Қорақалпоғистонгача юриб ўтади.

«Ўзбекэнерго» компанияси билан электромобиллар учун зарур инфратузилмаларни яратиш масалалари муҳокама қилинмоқда.

«Ўзавтосаноат» раҳбари пойтахтдаги Турин политехника университети биринчи ҳайдовчисиз автомобилни синовдан ўтказаётганини қўшимча қилди. Лойиҳа «Ўзавтосаноат» ва иккита Россия компанияси томонидан молиялаштирилмоқда. «Бу жуда мураккаб лойиҳа, бироқ биз бу йўналишда ҳам иш бошладик», — деди у.