Таэквондо (WTF) бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 26−28 май кунларнинг Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида саккизта медални қўлга киритди. Мусобақада 34 давлатдан 564 нафар спортчи қатнашди.

Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизматининг хабар қилишича, ўзбекистонликлар иккита олтин, битта кумуш ва бешта бронза медал билан умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни қўлга киритди. Жанубий Корея жамоаси биринчи (7−2−8), Хитой иккинчи (4−2−2) бўлди.

Ўзбекистон номида Никита Рафалович (-74 кг) ва Нигора Турсунқулова (-67 кг) энг юқори поғонага кўтарилди. Жасур Бойқўзиев (-87 кг) эса кумуш медалга сазовор бўлди. Шунингдек, Максим Рафалович (-80 кг), Сардор Тоиров (-63 кг), Мадина Маннопова (-46 кг), Ниёз Пўлатов (-58 кг) ва Дмитрий Шокин (-87 кг) бронза медали билан кифояланди.

Сешанба куни уч нафар спортчи — Ниёз Пўлатов, Мадина Маннопова ва Сардор Тоиров Тошкентга етиб келди, қолган таэквондочилар эса 1−3 июнь кунлари Гран-при бўлиб ўтадиган Италияга учиб кетди.