22 май куни Чимкентда бўлиб ўтган қозоқ-ўзбек бизнес-форумида 62 млн долларлик 7 та ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Сешанба куни «Ўзбекистон-Қозоғистон» ишбилармонлик кенгашининг биринчи йиғилиши ҳамда кооперацион биржа ҳам ўтказилди. Уларда икки давлатнинг савдо-иқтисодий ривожланиш, инвестицион ҳамкорлик ва туризмга масъул вазирлик ва маҳкамалари вакиллари иштирок этди.

Ўтган йили давлатлар ўртасидаги савдо айланмаси 2 млрд долларни, жорий йилнинг биринчи тўрт ойида эса 41,6 фоизга ўсиб, 788,2 млн долларни ташкил этди. Ўзбекистоннинг айрим импорт қилинаётган маҳсулотларга акцизларни пасайтиргани тижорат ҳамкорлигининг жадаллашувига хизмат қилди.

Ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Соифназаров ушбу жадаллик сақланиб қолса, томонлар ўзаро савдо айланмаси ҳажмини яқин вақтларда 5 млрд долларгача етказиш учун барча имкониятларга эга эканлиги, 2020 йилни кутмасдан, давлат раҳбарлари топшириғини муддатидан олдин адо этиш мумкинлигини таъкидлади.

Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокидаги 281 та корхона (238 тасиқўшма корхона, 43 таси — 100 фоизлик қозоқ капитали эвазига) фаолият кўрсатиб, Қозоғистоннинг 14 та компанияси ваколатхонаси аккредитациядан ўтган.