Тўрт-беш ой давомида Тошкентда кўчалар ва аҳоли учун мўлжалланган жойларни реконструкция қилиш, шаҳар дизайн-кодини яратиш бўйича синов лойиҳаси ишлаб чиқилади, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

17 май куни Тошкентга КБ Стрелка архитекторлари етиб келди. Улар шаҳар ҳокими в. б. Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва шаҳар маҳкамалари раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Учрашувда КБ Стрелка яқин вақтларда Тошкентда амалга оширадиган ишлар лойиҳаси тафсилотлари муҳокама қилинди.

КБ Стрелка архитекторлари намунавий чорраҳа, пиёдалар зоналари, ёритиш, шаҳар мебели, киоска ва жамоат транспорти бекатлари дизайн-лойиҳаларини ишлаб чиқади.

Ишчи гуруҳ лойиҳа учун Бобур, Нукус, Шаҳрисабз, Шота Руставели, Навоий ва Амир Темур кўчаларини кўриб чиқади.

Якуний танлов амалга оширилгани йўқ.
КБ Стрелка кўчалардан ташқари, фавворалар, шаҳар дизайн-коди билан ҳам шуғулланиб, метро станцияси яқинидаги намунавий майдон режасини тузади. Лойиҳа «Тошкент сени севади» шиори остида амалга оширилади.

«Асосий ғоя — лойиҳани шундай қилиш керакки, шаҳар шаҳарликларга бутунлай бошқача қиёфада кўринсин. Шунинг учун у „Тошкент сени севади“, деб номланмоқда, „Мен Тошкентни севаман“ эмас», — деди КБ Стрелка томонидан лойиҳа раҳбари Дарья Парамонова.

Тошкент ҳокими в. б. Жаҳонгир Ортиқхўжаев лойиҳани шаҳарликлар унинг натижасидан рози бўлгандагина муваффақиятли чиқди, деб айтиш мумкинлигини таъкидлади.

Лойиҳага тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов бошчилигидаги яқинда ташкил этилган шаҳар Жамоатчилик кенгаши фаол жалб этилади.

КБ Стрелка стратегик консалтинг, шаҳарларни режалаштириш ва лойиҳаларни бошқариш хизматларини кўрсатади. Россия компанияси Россия ва дунёнинг 45 мамлакатидаги 360дан ортиқ шаҳарларда фаолият кўрсатади.