Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 май куни «Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, президент виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили ва вазиятни жойларда ўрганиш мамлакатнинг кўплаб аҳоли пунктларида мазкур масала ўткир эканидан далолат бермоқда.

Жумладан, Жиззах вилоятининг қатор аҳоли пунктларида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш жуда ёмон аҳволга келиб қолган. Вилоятдаги аҳоли пунктларининг ярмидан кўпи марказлаштирилган сув таъминоти билан қамраб олинмаган. Кўплаб сув иншоотлари ўтган асрнинг 70−80-йилларида қурилган бўлиб, уларнинг эскириши оқибатида қувватлари 3 баробардан зиёдроққа қисқарган.

Зарарсизлантирувчи ускуналарнинг йўқлиги натижасида ичимлик сувининг кимёвий ва бактериологик кўрсаткичлари бўйича ифлосланиш даражаси юқори экани кузатилмоқда. Бу айниқса Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл туманлари ва Жиззах шаҳрида аҳолининг ошқозон-ичак касалликларига чалиниш даражаси ўсган, ҳудуддаги эпидемиологик вазият ёмонлашган.

Муаммони ҳал этиш мақсадида 2018−2020 йилларда «Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятини ичимлик суви билан таъминлаш тизимини яхшилаш» лойиҳаси амалга оширилади.

Сув олиш иншооти, сув тозалаш станцияси, сув олиш иншоотидан сув тозалаш станциясигача сув қувури (16 км), тозалаш иншоотлари учун магистрал сув қувури (20 км), «Жиззах» сувини тақсимлаш узели, магистрал ва тортиб келувчи сув қувурлари (146 км) барпо этилади.