Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 май куни Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси «Миллий технологик тадқиқотлар университети «МИСиС"нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Республиканинг ишлаб чиқариш-саноат тармоғи учун муҳим илмий- технологик вазифаларни ҳал қилишга қодир юқори малакали муҳандис-техник кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш филиал фаолиятининг асосий йўналишларидан ҳисобланади.

Филиал «МИСиС"нинг алоҳида таркибий бўлинмаси сифатида кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда, таълимнинг келишилган асосий йўналиш (мутахассислик)лари бўйича барча даражадаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, жумладан, илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширадиган олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Филиалда ўқитиш Ўзбекистон давлат таълим стандартлари талабларини эътиборга олган ҳолда «МИСиС» МТТУ томонидан тасдиқланган ўқув режалар ва дастурлар бўйича амалга оширилади.

Абитуриентларни қабул қилиш ва филиал битирувчиларининг аттестацияси «МИСиС» МТТУ томонидан Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади.

Филиал битирувчиларига Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган «МИСиС» МТТУнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.

Филиалга 2018/2019 ўқув йили учун таълимнинг кундузги шакли бўйича қабул квотаси жами 150 киши, жумладан, бакалавриатнинг «Кончилик иши» таълим йўналиши бўйича 75 киши, «Металлургия» таълим йўналиши бўйича 50 киши, «Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш (тармоқлар бўйича)» таълим йўналиши бўйича 25 киши этиб белгиланди.

Филиалга текин фойдаланиш учун Олмалиқдаги Навоий давлат кончилик институти биноси ҳамда Фаолияти тугатилаётган Олмалиқ саноат касб-ҳунар коллежи биноси ажратилади.