9 май, Хотира ва қадрлаш куни, уруш йилларида 15 болани асраб олган темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласи ёдгорлиги ўзининг аввалги ўрни — Халқлар дўстлиги майдонида очилди.

Соат 13:00 да — ёдгорликнинг очилиш вақтида — майдон атрофига икки юзга яқин киши тўпланди. Кўплар ёдгорлик пойига қўйиш учун гуллар билан келди.

Халқлар дўстлиги саройи қаршисида 1982 йилда ўрнатилган ёдгорлик 2008 йилда шаҳар четига кўчирилган эди. Сарой «Истиқлол», Халқлар дўстлиги кўчаси ва шу номдаги метро станцияси «Бунёдкор"га ўзгартирилди. Сарой ва метро станциясига эски номи қайтарилди.

Ўтган йили ёдгорлик Дўстлик боғига (собиқ Бобур боғи), бу йил баҳорда эса президент ташаббуси билан дастлабки ўрнига қайтарилди.

Ёдгорлик очилиши арафасида «Халқлар дўстлиги» метро станцияси яқинидаги автобус бекати қайтадан қурилди. Бекат қуёш панеллари, автобуслар ҳаракати жадвали акс эттирилган электрон пешлавҳа, кондиционер, тўловларни қабул қилиш учун терминаллар ҳамда мобил ускуналарни қувватлаш учун USB-портлар билан таъминланган.

Видео

Фото