Аввалроқ инновацион ривожлантириш вазири ўринбосари лавозимига тайинланган Отабек Назаров май бошидан вазифасига киришди. Бу ҳақда Инновация вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

У монетар сиёсат, банк тизими, бюджет сиёсати, солиқ тизими, ижтимоий хизматлар, пенсия таъминоти, қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш, шунингдек демография ва аҳоли бандлигини тадқиқ этиш бўйича инновацион ечимларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиш масалалари билан шуғулланади.

Отабек Назиров (1975 йили туғилган) АҚШда Нью-Йорк штатидаги Стоуни-Брук давлат университетида макроиқтисодиётчи мутахассислигини эгаллаган. У турли йиллари АҚШда Goldman Sachs Group, The Avascent Group, JPMorgan Chase компаниялари, Россияда «Тройка Диалог» ва МДМ-Банкда фаолият кўрсатган.

Вазир ўринбосари сифатида фаолиятини бошлагунига қадар Отабек Назиров Лондондаги Европа тикланиш ва тараққиёт банкида саноат секторига инвестицияларни киритиш бўлимининг бош ҳудудий банкири лавозимида ишлаган. Саноат, кўчмас мулк, фармацевтика саноати, кимё, қурилиш материаллари ва халқ истеъмоли моллари каби иқтисодиётнинг турли соҳаларига инвестициялар киритиш бўйича 50 дан зиёд лойиҳаларни ишлаб чиққан ва молиялаштирган.

Янги тайинланган вазир ўринбосари бошқарув компаниялари, инвестицион ва венчур компаниялари, шунингдек банклар ва консалтинг фирмалари вакиллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда Orient Capital Management, Silk Capital, InfinBank, Avestа Investment Group, IFG Capital, Сentil, PWC каби компаниялар вакиллари иштирок этди. Тадбирда тадбиркорлик ва инновациялар соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш механизмлари муҳокама қилинди.