Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан биринчи чоракда 56653 та иш кўриб чиқилиб, улар бўйича 83 млрд сўмдан зиёд мажбурий тўловларни ундириш тўғрисидаги буйруқлар қабул қилинди. Бу ҳақда Олий суд расмий вакили Азиз Обидов «Газета.uz"га хабар қилди.

Кўриб чиқилган фуқаролик ишлари бўйича 49150 та ҳал қилув қарорлари чиқарилди. Ушбу қарорлар бўйича талабларнинг 83 фоиздан ортиғи қаноатлантирилди.

Фуқаролик ишлари бўйича судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини битим ва шартномаларидан келиб чиқадиган, меҳнат ҳуқуқларини тиклаш билан боғлиқ низолар ва алоҳида тартибда юритилган ишлар ташкил этди.

19908 та фуқаролик иши сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан аҳоли билан 1 237 учрашув ва очиқ мулоқотлар ўтказилди.