Муқаддам қўшни Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида ҳоким лавозимида ишлаган Фарҳод Уразбаевич Эрманов Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Хоразм вилояти ҳокимиятининг «Газета.uz"га берган хабарига кўра, ташкилий масала шанба куни бош вазир Абдулла Арипов иштирокида Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида кўрилган.

Фарход Эрманов (1958 й.т.) — Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизациялаш муҳандислари институти (1981) ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1996) битирувчиси. Сенат аъзоси, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси.

У 1995−1998 йилларда Амударё тумани ҳокими, 2004−2010 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири бўлган.

2017 йил сентябрь ойидан буён Хоразм вилояти ҳокими лавозимида Илгизар Матёқубович Собиров (2006−2015 йилларда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенат раиси) ишлаб келаётган эди. Мавжуд маълумотларга кўра, у ўз лавозимидан саломатлиги сабабли кетган.