Тиббиёт ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш ўтмишда қолди, дея маълум қилди соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов.

Бош вазир Абдулла Арипов раислиги остида бюджет муассасалари ходимларини дала ва ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб этишни тақиқлашга бағишланган видеоселектор йиғилишидан кейин Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ходимларини бепул жамоат ишларига мажбурий жалб этишга барҳам бериш учун қатор чораларни қабул қилди, деди ССВ матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Тиббиёт муассасаларида ходимлар меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига барҳам бериш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ходимларни дала, коммунал ва ободонлаштириш ишларига жалб этиш билан боғлиқ ҳолатларни назорат қилиш билан шуғулланувчи доимий фаолият кўрсатадиган комиссиялар ташкил этилмоқда.

«Эҳтимол авваллари врачлар, ҳамширалар жамоат ишларига жалб этилгандир. Аммо бугун ҳаммаси ўзгарди, муносабат ўзгарди. Тиббиёт ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш ўтмишда қолди», — деди соғлиқни сақлаш вазири.

Энди соғлиқни сақлаш тизимининг бирор ходими жамоат ишларига жалб қилинмайди, дея ишонч билдирди вазир. Кўзбўямачилик қилиб, ўзни алдаб бир-икки кун яшаш мумкин, лекин келажакни бу билан қура олмайсиз", — дея таъкидлади Алишер Шодмонов.