Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳукуматга ижтимоий соҳа ходимларини ободонлаштириш ишларига жалб этиш, шунингдек сўнгги вақтларда кенг муҳокама қилинаётган кўзбўямачилик ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича ҳуқуқий механизм ишлаб чиқишни топширди. Бу ҳақда сешанба куни бўлиб ўтган брифингда президент матбуот котиби Комил Алламжонов маълум қилди. Брифинг телевидение орқали эфирга узатилди.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари 13 апрель куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида ушбу масалага тўхталиб ўтган эди. Президент ўшанда ҳудудлардаги ҳақиқий вазиятдан хабардор эканини айтиб, жойларда унинг ташрифи арафасида хўжакўрсин ишлар амалга оширилишидан норозилик билдирган эди. У ижтимоий соҳа ходимларини ободонлаштириш ишларига жалб қилган мутасаддилар қаттиқ жазога тортилишини, бу нафақат президентга, балки сиёсатга қарши иш эканини таъкидлаган.

Комил Алламжоновнинг маълум қилишича, президент бундай ҳолатлар яна қайтарилмаслиги учун ҳуқуқий механизм яратиш бўйича топшириқлар берди. Топшириққа кўра аҳолини, айниқса соғлиқни сақлаш, таълим соҳалари ходимлари, талабаларни ободонлаштириш ишларига жалб этишни қатъий тақиқлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори ишлаб чиқилади. Ушбу қарорда жойлардаги ободонлаштириш хизматлари фаолиятини кенгайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича ҳам чора-тадбирлар акс этади. Бунда хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибаси инобатга олинади.

«Фуқароларни жамоат ишларига мажбурлаш шундай кейин ҳам қайтарилса, президент таъкидлаганидек, жазо қаттиқ бўлади. Жумладан, жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўрилади. Шавкат Мирзиёев Бош прокуратура олдига ҳам бир қатор вазифалар қўйди», — деди Комил Алламжонов.

«Шавкат Мирзиёев самарқандлик ўқитувчи Диана Еникееванинг бевақт ўлимига сабаб бўлган мансабдор шахсларни юридик жавобгарликка тортиш бўйича топшириқлар берди. Ҳозирда бу ҳодиса бўйича ўрганиш олиб борилмоқда», — деди у.

Президент ўз нутқида жойлардаги кўзбўямачиликлардан ҳам қаттиқ норозилигини билдирди. Қайд этилган хўжакўрсин ишлар юзасидан прокурорлик текширувларини ўтказиш бўйича кўрсатмалар берди. Жумладан Қашқадарёда йўл бўйларида ясалган сохта иссиқхоналар, Жиззахдаги тиббиёт муассасида эски жиҳозлар ўрнатилгани ва касалларни онлайн рўйхатга олиш дастури ишламаслиги каби ҳолатлар текширилади.

Вилоятларга ташрифлар чоғида кўрсатилган, жумладан банк раҳбарлари томонидан тақдим этилган лойиҳаларни чуқур ва таҳлилий инвентаризациядан ўтказиш, камчиликлар аниқлангудек бўлса, кескин чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилди.

Президент яна шундай кўзбўямачилик ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида доимий ва қатъий назорат ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Кўзбўямачиликка уринган ёки унинг олдини олмаган раҳбарлар қаттиқ жазоланади.

Давлат раҳбари берган топшириқлар ижроси, айбдорларнинг жазолангани ҳақида оммавий ахборот воситалари, жумладан Бош прокуратура ҳузуридаги Медиа марказ орқали хабарлар бериб борилади.