Бунга қадар бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимида ишлаган Актам Ҳаитов Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди, дея хабар қилди ЎзА.

Ушбу қарор кенгаш ҳайъатининг Тошкентда бош вазир Абдулла Арипов иштирокида бўлиб ўтган йиғилишида қабул қилинган. Кенгаш раиси лавозимини эгаллаб турган Баҳодир Юсупов бошқа ишга ўтгани муносабати билан вазифасидан озод қилинди.

Йиғилишда соҳани ислоҳ қилиш, қишлоқ хўжалиги экинлари майдонлари, жумладан аҳолининг томорқа далаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек илм-фан ва илғор технологиялар ютуқларини жорий этиш орқали ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Актам Ҳаитов (1974 й. т.) ўтган йилнинг ёзида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири этиб тайинланган эди. Унга қадар Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш агентлиги («Ўзстандарт») бош директори бўлиб ишлаган.

2006−2014 йилларда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири лавозимида фаолият кўрсатган (унга қадар вазир в. б.). 2014 йил сентябридан эса «Биокимё» АЖнинг иқтисодиёт ва режалаштириш бўйича директори бўлган.