Ўзбекистон ИИВ ўз сайтида 8 апрель куни инсонлар ўлимига олиб келган бир қанча йўл-транспорт ҳодисалари тўғрисида маълум қилди. Жами бўлиб тўққиз киши ҳаётдан кўз юмган.

15:20 да Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида Ш. Атажонов (1972 й. т.) тегишли ҳужжатларсиз опасига тегишли Cobalt автомобилини А-380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнау» автомобиль йўлининг 578-километрида ҳайдаб кетаётганда бошқарувни йўқотиб, автомобиль йўл четида ағдарилиб кетади. Атажонов ҳодиса жойида, унинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган ўғли шифохонада ҳаётдан кўз юмди. Ҳайдовчининг опаси У.Атажонова ва унинг вояга етмаган невараси жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

17:05 да Наманган вилояти Косонсой туманида М. Мухторов (1996 й. т.) ишончномасиз Nexia автомобилини бошқариб, 4Р-114 «Косонсой-Олабуқа» автомобиль йўлида олдинда ҳаракатланиб кетаётган Matiz машинасининг орқа чап қисмига бориб урилади. Шундан сўнг бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетади ва Т. Дарвешов (1991 й. т.) бошқариб келаётган «ВАЗ-2107» билан тўқнашади. Дарвешов ҳамда йўловчилар Ф. Баратов (1972 й. т.) ва Ж. Абдулазизов (1998 й. т.) олган тан жароҳатлари сабабли ҳодиса жойида ҳаётдан кўз юмади. Учинчи йўловчи М. Аҳмедова (1966 й. т.) ва Nexia ҳайдовчиси шифохонага ётқизилади. Тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, М. Аҳмедова 9 апрель куни вафот этди.

21:30 да Тошкент вилояти Чинов туманида «Тошкент-Термиз» автойўлининг 858-километрида ҳаракатланиб келаётган Ж.Ғаниев (1992 й. т.) бошқарувидаги Lacetti чапга қайрилаётган «Москвич-412» машинасининг орқа қисмига бориб урилган. Натижада Ж.Фозилов (1999 й.т.) бошқарувидаги «Москвич» қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, Т.Бердибеков (1962 й. т.) ҳайдаб келаётган Istana автомашинаси билан тўқнашади. ЙТҲ натижасида «Москвич» йўловчилари Ж. Тошметов (1998 й. т.) ва Н. Тошметов (1998 й. т.) ҳодиса жойида вафот этди, ҳайдовчи Фозилов ва Lacetti ҳайдовчиси Ғаниев шифохонага ётқизилган.