Ўзбекистонда иқтисодий судларга мурожаат қилиш, уларни судда кўриб чиқишда иштирок этиш билан боғлиқ муҳим қоидалар акс этган «Иқтисодий судларга мурожаат қилиш тартиби» амалий қўлланмаси тайёрланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур қўлланма Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда суд фаолияти билан бевосита боғлиқ бошқа процессуал қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини кенгроқ тушунтириш мақсадида Ўзбекистон Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси доирасида тайёрланди.

Қўлланма судьялар, суд ходимлари, адвокатлар, ҳуқуқшунос соҳасидаги бошқа мутахассислар, талабалар ва иқтисодий процессуал ҳуқуқ институтига қизиқувчи кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган, дейилади хабарда.

Мазкур китобда иқтисодиёт соҳасида фуқаролар, ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ўртасида иқтисодий судлар томонидан кўриладиган низоларнинг турлари, судга ариза ёки даъво аризаси билан мурожаат қилишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар, суд қароридан норози бўлган тарафнинг ушбу қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқи, ундан қонуний фойдаланишга оид қонуний тартиб-қоидалар, суд қарорларининг ижро этилиши билан боғлиқ ва бошқа шу каби муҳим масалалар оддий тилда, шарҳлар, жадваллар ва изоҳлар орқали ёритиб берилди.

Мазкур амалий қўлланманинг электрон шакли Олий суд расмий веб-сайтида жойлаштирилган.