«Тоштурма» номи билан машҳур 1-сон ҳибсхонаси жойлашган бино ва иншоотлар бузиб ташланади. 22 март куни Ўзбекистон ҳукуматининг шу ҳақдаги фармойиши эълон қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Йил бошида бу ерда сақланаётган судланувчилар ва маҳкумлар Тошкент вилоятининг Зангиота туманида қурилган янги муассасага кўчирилган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигига мазкур объектни уч ой муддатда бузиш ва бузишдан бўшаган ер майдонини ободонлаштириш ва унда барча инфратузилма объектлари мавжуд бўлган замонавий хиёбон (дам олиш маскани) барпо этиш вазифаси юкланди.

Пойтахтнинг Юнусобод туманида жойлашган «Тоштурма» 1891 йилда қурилган эди. Мажмуа ер ости ва ер усти йўлаклар билан бир-бирига боғланган тўртта ертўлали бинони ўз ичига олган.

Янги тергов ҳибсхонаси президент қарорига мувофиқ қурилган бўлиб, аввалроқ ИИВ хабар берганидек, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради.