Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқа маҳкама ва ташкилотлар билан ҳамкорликда февралдан буён туғуруқхонадан чиқиш маросимларидаги ортиқча дабдабабозликларнинг олдини олиш бўйича тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га маълум қилди.

«Бола саломатлиги, келажаги, эртанги ҳаёти учун унинг туғуруқхонадан қандай автомашина, эртак қаҳрамонларию, карнай-сурнай билан чиқиши эмас», — деди соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов.

Қабул қилинган режага мувофиқ, тиббиёт ходимлари фуқаролар билан суҳбатлар олиб бормоқда, деди вазир. «Тиббиёт муассасаларида акушер-гинекологлар, оила шифокорлари, патронаж ҳамширалар билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Ҳомиладор аёллар, қайнона-қайноталар билан алоҳида тарғибот ишлари ўтказилмоқда».

«Чақалоқ дунёга келиши билан ўтказиладиган ортиқча дабдабабозликдаги маросимларнинг янги туғилган гўдак ва она соғлигига салбий таъсири тиббий нуқтаи назардан тушунтирилмоқда. Айниқса, чақалоқ туғилгач, дастлабки қирқ кун она ва бола соғлиги учун энг муҳим палла экани, бу муддат ичида қариндош-уруғларнинг йўқлови ҳам улар саломатлигига салбий таъсир қилиши ҳақида суҳбатлар ўтказилмоқда», — деди Алишер Шодмонов.

У ушбу тарғиботлар натижасида мингга яқин ёш оилалар туғруқ мажмуасидан чиқиш жараёнларини ихчам, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликларсиз, миллий урф-одатлар бўйича ўтказганини таъкидлади.