Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани ҳокимияти ҳузурида ҳокимиятга туманни ривожлантириш дастурларини амалга оширишда кўмаклашувчи консультатив ва маслаҳат органи — жамоатчилик кенгаши ташкил этилмоқда. Бундай кўринишдаги ташаббус Ўзбекистонда илк бор амалга оширилмоқда.

«Ҳамкорликнинг бундай шакли халқ билан мулоқот ва жамоатчилик назоратини кучайтириш тамойилларига бевосита жавоб беради», — дейилади ҳокимиятнинг Facebook`даги саҳифасида.

Кенгаш таркиби 21 киши, жумладан туман аҳолиси томонидан ёки ўз ташаббуслари билан махсус онлайн форма орқали номзоди илгари сурилган 7 кишидан иборат бўлиши кўзда тутилган. Кенгаш аъзолари бевосита туман ҳокимиятига бўйсунувчи давлат органи ёки бюджет ташкилоти вакиллари бўлиши мумкин эмас.

Ўз номзодини илгари суриш учун ҳокимият туманнинг жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшишга тайёр фаол фуқароларини халқ таълими, соғлиқни сақлаш, жамоат хавфсизлиги, бизнес, санъат, фан, ёшлар ва бошқа йўналишлар бўйича таклиф этмоқда.

Аризалар 6 март куни 16:00 га қадар қабул қилинади. Шу куни кечқурун кенгаш таркиби ва биринчи учрашув кун тартиби эълон қилинади. Биринчи учрашув 9 мартга белгиланган.