«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси Наврўз байрами кунлари (18−22 март) республика ичидаги қатновларга чегирмалар эълон қилди. Бу ҳақда авиаташувчи матбуот хизмати хабар берди.

30 фоизлик чегирма якка йўловчиларга, 40 фоизлик чегирма эса туристик гуруҳларга (беш ва ундан ортиқ киши), 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган мактаб ёшидаги болалар, коллеж, лицей ва ОТМларнинг талабалари учун жорий этилди. 50 фоизлик чегирма икки ва ундан ортиқ кишидан иборат оилалар ҳамда 2−12 ёшдаги фарзандлари билан йўлга чиққан ота-оналар учун жорий этилди.

Чегирмалар 18, 19, 20, 21 ва 22 март кунлари республика ичида амалга оширилувчи қатновларга татбиқ этилади.

28 декабрь куни Ўзбекистон Президенти шавкат Мирзиёев «Расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва 2018 йилда дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги фармонни имзолаган эди.

Ҳужжатга кўра, ўзбекистонликлар наврўз байрамида кетма-кет беш кун дам олади: 18 март — календарь бўйича дам олиш куни, 19 март — 17 мартдан кўчирилган дам олиш куни, 20 март — қўшимча ишланмайдиган кун, 21 март — ишланмайдиган байрам куни ва 22 март — 24 мартдан кўчирилган дам олиш куни.