Ўзбекистон ҳукумати юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқарувчи ҳайдовчилар малакасини оширишда Avtotest Report компанияси монополиясини бекор қилди. Бу ҳақда «Газета.uz"га Адлия вазирлигидан хабар қилинди.

23 февралдаги «Автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорга мувофиқ, 1 июндан автомототранспорт воситалари ҳамда шаҳар электр транспорти ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича фаолият давлат таълим муассасалари, шунингдек тегишли лицензияга эга нодавлат таълим муассасалари томонидан амалга оширилади.

Ўтган йилнинг 4 сентябрь кунидаги ҳукумат қарори билан жорий этилган юридик шахслар автомототранспорт воситаларини бошқарувчи ҳайдовчилари учун ҳар икки йилда бир марта малака ошириш талаби сақлаб қолинди.

Бундан ташқари, қарор билан автотранспорт воситаларини қисқа муддатли ижара (прокат) ва лизинг асосида бошқараётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва бошқа жисмоний шахсларга малака ошириш мажбурий эмаслиги белгилаб қўйилди.

Эндиликда автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун маъмурий чора муддати тугаганидан сўнг ҳамда назарий ва амалий имтиҳонлар топширгунга қадар малака ошириш курсидан ўтишга мажбур.

Ҳужжат билан ҳайдовчиларнинг малака оширишдан ўтганлик тўғрисидаги сертификатнинг янги формаси ҳам тасдиқланди (бунга қадар у расман Avtotest Report МЧЖ ўқув мажмуаси сертификати деб номланган эди).

Ўзгаришларни ҳукуматнинг сентябрдаги қарорига нисбатан жамоатчилик эътирозларининг акс таъсири деб ҳисоблаш мумкин. Фуқаролар, жумладан ҳужжат жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмагани, ушбу ҳуқуқнинг бир монопол компанияга топширилишига норозилик билдириб, ҳайдовчиларнинг ҳар икки йилда малака ошириш зарурлигини шубҳа остига олган эди.