22 февраль куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Қўчқор-Ота шаҳарчасида газ портлашидан жароҳатланган Ўзбекистон фуқаролари ватанга олиб келинди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Эслатиб ўтамиз, уч нафар ўзбекистонлик Қўчқор-Отадаги «Азия» кафесида ишлаётган вақтда газ портлашидан жароҳатланган эди. ФВВ ва Ички ишлар вазирлиги фуқароларнинг шахсини ва Ўзбекистондаги яшаш жойини аниқлаб, ҳодиса тўғрисида уларнинг яқинларини хабардор қилди.

Ўзбекистон фуқаролари зарур тиббий ёрдамни олиб, шифокорлар хулосаси бўйича мутахассислар назорати остида даволанишни давом эттириш учун Ўзбекистонга олиб келинди.

14:00 да жароҳатланганлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги реаномобилларида Ўзбекистон чегарасидан олиб ўтилиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Андижон ва Наманган вилоятларидаги филиаллари куйиш бўлимларига муваффақиятли жойлаштирилди.