Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси ходимлари Шоҳимардонсой орқали Қирғизистон ҳудудидан гиёҳванд моддаларни олиб ўтиш бўйича жиноий операцияни бартараф этди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастури хабар қилди.

10 февраль куни 23:30 да Фарғона туманида Шоҳимардонсой дарёси бўйлаб қарийб 1 кг миқдорида гашиш гиёҳвандлик моддаси бўлган уч литрлик полиэтилен идиш аниқланди.

Мазкур юк Фарғона тумани «Бўстон» қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ёдгор Эсоновга тегишли экани маълум бўлди. Тергов жараёнида у қишлоқдоши Олим Ҳакимов ва марғилонлик Рустам Қамбаров билан олдиндан жиноий тил бириктириб, Қирғизистон фуқароси Олмос исмли шахс билан қўшни давлат ҳудудидан Шоҳимардонсой орқали гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга келишади.

Гиёҳванд модда пластик идиш ичида бўлган, митти фонарча эса маёқ вазифасини бажаради. Олим Ҳакимов ва Ёдгор Эсонов жўнатмани илиб олиши керак эди, бироқ чегарачилар жиноий операцияни бартараф этди, дейилади репортажда.

Шундан сўнг «Бўстон"да, Ёдгор Эсонов қоровул бўлиб ишлаган «Агробанк» Фарғона вилояти бошқармаси дам олиш уйи омбори кўздан кечирилди. Ўтинлар тагидан 1,8 кг дан зиёд миқдорда гиёҳванд модда аниқланди.

Экспертиза хулосасига кўра, олиб қўйилган модда ўзида тетрагидроканнабинол моддасини сақлайди.гиёҳванд модданинг умумий вазни 2,8 кг дан ошди.

Мазкур ҳолат бўйича Фарғона вилояти МХХ бошқармаси Ёдгор Эсонов, Рустам Қамбаров ва Олим Ҳакимовга нисбатан жиноий иш қўзғатди. Тергов жараёни давом этмоқда.