Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 13 февраль куни мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Корея Республикаси бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири, икки томонлама Ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси Ким Донг Ённи қабул қилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик барқарор суръатлар билан кенгайиб, анъанавий дўстона алоқалар ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этди.

Корея Республикасига 2017 йил ноябрь ойида амалга оширилган тарихий ташриф ва унинг якунлари бўйича эришилган келишувлар Ўзбекистон — Жанубий Корея ўзаро манфаатли ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилгани ва аниқ амалий мазмун билан бойитгани алоҳида таъкидланди.

Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,3 миллиард доллардан ошди. Тасдиқланган «йўл харитаси"га мувофиқ, бугунги кунда мамлакатимизда замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича умумий қиймати 6 миллиард доллардан зиёд 60 дан ортиқ инвестиция лойиҳалари тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда.

Ўзаро ҳамкорликнинг ўтган даврида Ўзбекистон иқтисодиётига Жанубий Кореядан жами 7 миллиард долларлик инвестициялар жалб қилинди, Корея Республикаси компаниялари иштирокида 500 дан ортиқ корхона ташкил этилди.

Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестиция, инновация, банк-молия ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Ўзбекистон Президенти Корея Республикаси раҳбарияти ва халқини Пхёнчхан шаҳрида қишки Олимпия ўйинлари бошлангани муносабати билан самимий табриклади, ушбу нуфузли халқаро спорт тадбирининг муваффақиятли ўтишига тилак билдирди.

Ўз навбатида, Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдириб, Президент Мун Чжэ Иннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Меҳмон Ўзбекистон раҳбарияти Корея Республикаси фуқароларига визасиз тартиб жорий этиш ҳақида қарор қабул қилгани учун самимий миннатдорлик билдирди. Бу, шубҳасиз, мамлакатимизга сайёҳлар оқимини салмоқли даражада ошириш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Учрашув якунида Ким Донг Ён Жанубий Корея мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кенг миқёсли ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини қайд этди.