Тошкентда Жанубий Кореянинг Пучон университети филиали очилади. Шу йилнинг ёзиданоқ абитуриентларни қабул қилиш бошланади, дея хабар қилди Мактабгача таълим вазирлиги (МТВ) «Газета.uz"га.

Пучон университетининг Тошкентдаги филиалини очиш тўғрисидаги Баённома 2 февраль куни мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ва Пучон университети профессори Ли Донг Вук томонидан имзоланди.

Тошкент филиалида бир неча факультет, жумладан мактабгача педагогика ва психология йўналишларида фаолият кўрсатади.

«Таълим нафақат мактабгача педагогика ва психология соҳасида, балки бошқа йўналишлар бўйича ҳам олиб борилади. Биринчи талабалар ўқишни 1 сентябрданоқ бошлайди», — дея таъкидлади МТВ матбуот хизмати вакили.

Профессор Ли Донг Вукнинг Тошкентга ташрифи доирасида Корея Республикаси мактабгача таълим тизими, педагог кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ўқув-методик дарсликларни ишлаб чиқиш ва мактабгача таълимда мультимедиа материалларидан фойдаланиш тажрибалари кўриб чиқилди.

Бугунги кунда Пучон университетида 26 та факультет фаолият кўрсатмоқда. ОТМ инженерия, табиат ҳақидаги фанлар, гуманитар фанлар (мактабгача таълим факультети мавжуд), санъат йўналишлари бўйича ўқув дастурларини таклиф қилади, тайёрлов курслари ҳам мавжуд. Бундан ташқари, чет эллик талабалар учун Корейс тили маркази ҳам фаолият кўрсатади.