Сурхондарё вилояти Термиз туманида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар қилди ЎзА.

Уни ташкил этиш тўғрисидаги битим Афғонистон Президентининг 2017 йил декабрида Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган эди.

Таълим марказининг илк талабалари ўзбек тили ва адабиёти йўналишига қабул қилинди. Улар икки йил давомида соҳа бўйича етук мутахассис бўлиб етишади. Келгусида қурилиш ва темир йўлларни эксплуатация қилиш соҳаларида ҳам мутахассислар тайёрланади.

«Афғонистонда 7 миллионга яқин ўзбек миллатига мансуб аҳоли яшайди, — деди Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг МДҲ давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар. — Термизда барпо этилган ушбу таълим муассасаси мактаб ва боғчаларимиздаги ўзбек тили мутахассисларига бўлган эҳтиёжни таъминлайди».

Таълим маркази директори вазифасини бажарувчи Ойбек Рўзиевнинг маълум қилишича, қўшни давлат йигит-қизлари бу ерда икки, тўрт ва олти йиллик сиртқи таълим шаклларида таҳсил олишади.

Янги ўқув марказида Афғонистон томони эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 17 олий ва 16 ўрта махсус, касб-ҳунар таълим йўналиши ўқув режаларининг модуллаштирилган шакли ишлаб чиқилган. Қўшни давлатнинг илмга чанқоқ ёшларига ўзлари танлаган касб сирларини чуқур ўргатиш учун мамлакатимиз олий таълим муассасаларидан малакали профессор-ўқитувчилар жалб этилган. Шунингдек, олий таълим муассасалари корпоратив тармоғи орқали «Электрон таълим тармоғи"га уланиб, Ўзбекистоннинг исталган олий таълим муассасаси етук олим ва мутахассислари томонидан видеоконференция орқали масофадан туриб машғулот ўтказиш имконияти мавжуд.

Марказнинг кўп қаватли муҳташам ўқув биноси, 110 ўринга мўлжалланган талабалар ётоқхонаси, ахборот-ресурс маркази, спорт зали ва спорт майдончалари, ошхона афғонистонлик талабалар учун хизмат қилади. Бинода кимё ва физика каби фанларни чуқур ўзлаштириш, темир йўл транспорти тизимини пухта ўрганиш учун лингафон хоналари, лабораториялар ташкил этилган. Маиший, савдо ва бошқа хизматлар кўрсатадиган шохобчалар мавжуд.

Ахборот-ресурс маркази иқтисодий-техник ва ижтимоий-гуманитар йўналишлардаги фанлар бўйича етарли ўқув ва ёрдамчи дарсликлар, бадиий ва ижтимоий-сиёсий адабиётлар, Ўзбекистонда ишланган 50 дан ортиқ бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудиотўпламлар дисклари билан тўлдирилган. Электрон кутубхона тизимига лотин алифбосидаги 700 дан зиёд электрон адабиёт жойлаштирилган.

Келгусида марказни янада кенгайтириш, ёзги ошхона ва новвойхона, ҳаммом ва кир ювиш биносини янгидан қуриш режалаштирилган. 300 ўринли қўшимча ётоқхона барпо этиш мўлжалланган. Ўқув ишлаб чиқариш устахонаси реконструкция қилиниб, янги бино қурилади.