Дастлабки маълумотларга кўра, 2017 йил январь-декабрь ойларида Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 1 453,2 минг сўмни (иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация ва ишланмаган вақт учун ҳақ каби тўловлар киритилган, шунингдек унинг таркибида жисмоний шахслар даромад солиғи, ижтимоий суғурта ва касаба уюшмасига тўловлар ҳам мавжуд) ташкил этиб, 2016 йилнинг мос даврига нисбатан 12,3 фоизга ўсган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси Демография ва меҳнат статистикаси бошқармаси хабар қилди.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи энг юқори молиявий ва суғурта фаолиятида 2,694 млн сўмни (республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан 85,4 фоизга кўп), ахборот ва алоқада 2,499 млн сўмни (71,9 фоиз), саноатда 2,092 млн сўмни (43,9 фоиз), ташиш ва сақлашда 1,946 млн сўмни (33,9 фоиз), қурилишда 1,808 млн сўмни (24,4 фоиз) ташкил этган.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича 2016 йилга нисбатан ўртача ойлик иш ҳақининг юқори ўсиш суръатлари молиявий ва суғурта фаолиятида (25,9 фоиз), ахборот ва алоқада (22,3 фоиз), яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда (13,3 фоиз) кузатилди.

Агарда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи ҳудудлар кесимида таҳлил қилинса, энг юқори даража Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади — 1,986 млн сўм (республика ўртача кўрсаткичидан 136,7 фоиз кўпроқ). Бу борада Навоий (1,926 млн сўм) ва Тошкент (1,559 млн сўм) вилоятлари етакчилик қилаётган бўлса, энг паст кўрсаткич Наманган вилояти (1,140 млн сўм) ва Самарқанд (1,157 млн сўм) ҳиссасига тўғри келди.

Манба: Статистика қўмитаси.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича ходимлар сони ва уларга ҳисобланган иш ҳақи фондининг салмоқли ҳиссаси:

  • таълимда 19034 та муассасада 982,1 минг (жами ишловчиларга нисбатан улуши 38,1 фоизни) ходим ишлаган бўлиб, уларга ҳисобланган иш ҳақи фонди 13,672 трлн сўмни (жами иш ҳақи фондидаги улуши 30,4 фоизни);
  • саноатда 619 та корхонада 479,6 минг (18,6 фоизни) ходим ишлаган бўлиб, уларга ҳисобланган иш ҳақи фонди 12,038 трлн сўмни (26,7 фоизни);
  • соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда 1420 та муассасада 420,4 минг (16,3 фоизни) ходим ишлаган бўлиб, уларга ҳисобланган иш ҳақи фонди 4,948 трлн сўмни (11 фоизни) ташкил этмоқда.