Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси кўмагида Рязан вилоятида ис газидан заҳарланиб вафот этган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси жасадларини Ватанга олиб келди. Бу ҳақда ФВВ Фавқулодда вазиятларга бошқарув маркази хабар қилди.

Жасадлар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авикомпаниясининг «Москва-Андижон», «Москва-Термиз» ва «Москва-Бухоро» рейслари орқали олиб келинди.

ФВВ, Ички ишлар вазирлиги, прокуратура, тез тиббий ёрдам хизматлари ва маҳаллий ҳокимиятларнинг куч ва воситалари ёрдамида жасадлар доимий яшаш манзилларига етказилган.

Вафот этган ўзбекистонликлар Андижон вилоятининг Жалақудуқ ва Қўрғонтепа, Сурхондарё вилоятининг Денов ва Навоий вилоятининг навбаҳор туманларида дафн этилди.

Жойлардаги давлат ҳокимият органлари дафн маросимларини ўтказишда ёрдам кўрсатди.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ис газидан заҳарланиб оғир аҳволда Ряжск шаҳар марказий шифохонасидаги Ўзбекистон фуқаросига тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилиши устидан назорат ўрнатган.