Россиянинг Рязан вилояти Ряжский тумани полицияси маълумотларига кўра, 2017 йил 11 январга ўтар кечаси Шереметево қишлоғида жойлашган шахсий уйда заҳарли газ исидан 4 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари заҳарланган. Вилоят тергов бошқармасининг аниқланишича, барча шахслар расман маҳаллий фермер хўжалигида меҳнат қилишган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бошқармаси маълумотларига кўра, оламдан ўтганлар қуйидагилар:

  1. Самадов Панжи Норсоатович, 1966 йилда туғилган, Сурхондарё вилояти Денов тумани, «Қизилжар» аҳоли пункти Чортош кўчаси манзилида рўйхатдан ўтган;
  2. Пазилов Ўрмонжон Нумонович, 1966 йилда туғилган, Андижон вилояти Жалақудуқ тумани, «Вохилхарам» қишлоқ фуқаролар йиғини манзилида рўйхатдан ўтган;
  3. Мирзожонов Алижон Юлдошович, 1969 йилда туғилган, Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани, «Чимён» қишлоқ фуқаролар йиғини Дўстлик кўчаси манзилида рўйхатдан ўтган;
  4. Хайитов Самат Илмуратович, 1981 йилда туғилган, Навоий вилояти Зарафшон шаҳри, 11-кичик ноҳия 8-уй, 8-хонадонда рўйхатдан ўтган.

Бухоро вилояти Ғиждувон тумани «Улфатбиби» қишлоқ фуқаролар йиғини, Бештуво кўчаси манзилида рўйхатдан ўтган Ўзбекистон фуқароси Саидов Шерхон Муҳаммадович (1990 йилда туғилган) Ряжский туман касалхонасининг реанимация бўлимида саломатлиги оғир ҳолатда сақланмоқда.

Амалий ёрдам бериш ва масалаларни ўз ўрнида ҳал этиш мақсадида Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси ходимлари Рязан вилоятига зудлик билан жўнаб кетишган.