Ўзбекистон Молия вазирлигида учта бошқарма бошлиғи лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда вазирликдан «Газета.uz"га хабар қилинди.

Солиқ ва божхона тариф-сиёсати бошқармаси бошлиғи Ирина Голишева, Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси бошлиғи Шарофутдин Ҳайдаров ҳамда Саноатнинг базавий тармоқлари, ёқилғи-энергетика мажмуи ва геологияни ривожлантириш молияси ва тарифни тартибга солиш бош бошқармаси бошлиғи Акмал Абдуллаев лавозимларини тарк этди.

Молия вазирлиги кадрлар билан ишлаш бошқармаси аввалроқ интернет нашрлари томонидан эълон қилинган 50 кишининг ишдан бўшатилгани тўғрисидаги ахборотларни инкор этиб, яна бир неча ходимларни ишдан бўшатиш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни парламент олдида чиқишида молия вазири Жамшид Қўчқоровга 10 кун муддатда «барча эски касалликлардан» халос бўлиш ва кадрлар ўртасида тозалаш ўтказиш вазифасини топширган эди.