Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев пайшанба куни Тошкентда таҳсил олаётган сирдарёлик ёшлар, турли йўналишда илмий фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар билан учрашди, дея хабар қилди ЎзА.

Тадбирда вилоятда ёш кадрларни иш билан таъминлаш, уларга муносиб шароитлар яратиб бериш йўналишидаги ишлар ҳақида маълумот берилди. Ёшларни уй-жой билан таъминлаш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар катта қизиқиш уйғотди. Шу мақсадда Гулистон шаҳридаги «Буюк келажак» мавзесида 68 та кўп қаватли уй қурилмоқда. Бу уйларда ёш мутахассисларга хонадонлар ажратилиши режалаштирилган.

«Аҳоли турмуш даражасини юксалтириш йўлида барча имкониятларимизни ишга солганмиз, — деди ҳоким. — Бу каби ишларни янада шижоат билан бажаришимизда сиз каби билимдон, фидойи ёшларга таянамиз».

Тадбирда олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов, соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳам иштирок этди.