Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жума куни мамлакат тарихида биринчи марта парламентга мурожаатнома тақдим этди. У тўрт соат давом этиб (тахминан 10:25 дан 14:25 гача) «Ўзбекистон 24» телеканали орқали жонли трансляция қилинди.

Давлат раҳбари ўз мурожаатида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинган 2017 йилни сарҳисоб қилиб, яқин келажакда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини санаб ўтди.

Президент таклифи билан 2018 йил Ўзбекистонда Фаол тадбиркорлик инновацион ғоялар ва технологиялар йили деб эълон қилинди.

Тадбирда Олий Мажлис ва ҳукумат аъзолари, мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек, видеоконференция алоқа тизими орқали туман, шаҳар ва вилоятлардаги маҳаллий кенгашларга сайланган халқ ноиблари ҳамда барча бўғиндаги ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари, Ўзбекистоннинг 33 мамлакатдаги дипломатлари иштирок этди.